Ўзбекистон арбитражда ютди
Халқаро арбитраж суди Ўзбекистонга қарши қўйилган барча даъволарни тўлиқ рад этди. Инвестициявий низоларни ҳал этиш бўйича халқаро марказ арбитраж трибунали Туркия фуқароси Меҳмет Зеки Обуз ва бошқаларнинг республикамизга қарши қўзғатган иши юзасидан якуний қарорини эълон қилди. Озиқ-овқат соҳасидаги корхона фаолияти билан боғлиқ ушбу низо беш йилдан ортиқ вақт давомида кўриб чиқилган эди.
Даъвогарлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 1992 йилда имзоланган инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимга таяниб мурожаат қилган эди. Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган эшитувларда мамлакатимиз манфаатлари Адлия вазирлиги ҳамда нуфузли хорижий юридик фирма томонидан муваффақиятли ҳимоя қилинди. Натижада трибунал хорижлик инвесторларнинг барча талабларини асоссиз деб топиб, рад этди.
Бундай йирик халқаро суд жараёнларида давлат манфаатларининг ҳимоя қилиниши мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.