Бухоро НҚИЗга 1,8 миллиард доллар
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини кенгайтириш учун 1,8 миллиард долларлик истиқболли лойиҳа тақдим этилди. Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим қилинган режага кўра, корхонада қурилиш ишлари 2028 йилда бошланади. Лойиҳада Хитой, Франция, АҚШ ва Озарбайжоннинг етакчи компаниялари иштирок этади.
Заводда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 2,1 миллион тоннадан 4,6 миллион тоннагача ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, 328 миллион долларлик яна бир лойиҳа эвазига Евро-5 стандартидаги бензин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг натижасида қўшимча ёқилғи қўшилмалари импорти тежалиб, йилига 150 миллион доллар маблағ тежаб қолинади.
Заводда 200 та янги иш ўрни яратилади. Корхона жорий йилнинг тўққиз ойида 1,5 миллион тоннадан ортиқ хомашёни қайта ишлаб, 2,2 триллион сўм соф фойда олган эди.