Китобда 4 миллиардлик экотуризм маскани
Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Искана маҳалласида Оқсув дарёси бўйида йирик балиқчилик ва экотуризм маскани қурилади. Туман ҳокимлиги ҳудуддаги 40 нафар ёшга техника ва ҳовузлар ажратиб, балиқчилик билан шуғулланишига кўмак берди. Янги лойиҳа 22 гектар майдонни эгаллаб, умумий қиймати 4 миллиард сўмни ташкил этади.
Мажмуа ҳудудида 3 километр асфальт йўл ва 3 километр пиёдалар йўлакчаси барпо этилади. Шунга қўшимча равишда 100 та кўча чироғи, 50 та ўриндиқ ҳамда 250 киловольт-амперлик янги трансформатор ўрнатилади. «Китоб жар» канали бўйлаб эса 1 километр масофада темир тўсиқлар ўрнатилиши кўзда тутилган.
Мазкур экотуризм зонаси Китоб тумани аҳолиси учун дам олиш масканлари сонини кўпайтиради. Ҳудуддан юқорида жойлашган Мираки шаҳарчаси сайёҳлар орасида оммалашган бўлиб, янги лойиҳа ҳам маҳаллий туризм ривожига катта туртки беради. Лойиҳа ёшларни иш билан таъминлашга хизмат қилади.
Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, бу ерда 30 та тадбиркорлик субъекти фаолият бошлайди ва 75 та янги иш ўрни яратилади. Натижада маҳаллий бюджетга йилига 0,9 миллиард сўм қўшимча солиқ тушуми тушади. Қурилиш ишлари 2026 йилда тўлиқ якунланиши режалаштирилган.