Ливияда Россиянинг Меркурий кемаси йўқ қилинди
Ливиянинг Бенгази портида яқинда Россиянинг «Меркурий» ҳарбий кемасида кучли портлашлар содир бўлди ва бир неча киши яраланди. Маҳаллий ҳукумат ва халқаро нашрлар кемага дронлар ҳужум қилганини тахмин қилмоқда. Спутникдан олинган суратларда кемада кучли ёнғин чиққанини кўриш мумкин.
Мутахассисларнинг фикрича, ракета корвети деярли бутунлай йўқ қилинган. Кема бир неча кундан бери портда ёқилғи ва озиқ-овқат захирасини тўлдириш учун турган эди. Портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ, бироқ ярадорлар борлиги айтилмоқда.
«Меркурий» кемаси Россиянинг ҳарбий экспортини кузатиб бориш билан шуғулланган. Бу воқеа Россиянинг Ўрта ер денгизидаги ҳарбий иштироки учун катта зарба бўлди. Олдин ҳам Украина дронлари Россиянинг бошқа кемаларига ҳужум қилган эди.
Ливиядаги иккита ҳукумат ўртасидаги зиддият фонида бундай ҳужумлар вазиятни янада кескинлаштиради. Ҳозирча Россия Мудофаа вазирлиги бу ҳодисага расмий муносабат билдирмади. Ливия ҳукумати ўз ҳудудида халқаро можароларнинг давом этишига йўл қўймаслигини маълум қилди.
Кеманинг қолдиқларини текшириш ва ҳужум манбасини аниқлаш ишлари давом этмоқда.