Паркентга янги электропоезд қатнай бошлади
Бугунги «Жамият» рукнимизда аҳоли учун қулай транспорт қатнови ҳақида сўз юритамиз. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев пойтахтдан Паркент туманига янги электрлаштирилган темирйўл орқали электропоездда етиб борди ва янги вокзал станцияси фаолияти билан танишди. Умумий масофаси 57,6 километр бўлган ушбу йўналишда замонавий «ЭП3Д» электропоезди ҳаракатланмоқда.
Олтита вагондан иборат ушбу таркиб 586 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, соатига 120 километргача тезликка эриша олади. Поезд Тошкентдан манзилгача бўлган масофани 1 соат 13 дақиқада босиб ўтади. Бир томонлама йўл ҳақи 10 минг сўм этиб белгиланган бўлиб, бу ушбу йўналишдаги ўртача такси нархидан 2,5 баробар арзон ҳисобланади.
Янги йўналиш кунига 2 минг нафар, йилига эса 300 мингга яқин йўловчи ташиш қувватига эга. Вагонлар зарур қулайликлар, жумладан климат-контроль, USB-разъёмлар ва бепул интернет тармоғи билан жиҳозланган.