Мирободда фирибгарлар ўяси фош этилди
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида йирик фирибгарлик маркази фаолиятига чек қўйилди. Ноқонуний гуруҳ аъзолари ўз режаларини амалга ошириш учун алоҳида ҳовлини ижарага олишган ва у ерда алоқа маркази ташкил этишган. Ички ишлар органлари ходимлари ўтказган тезкор тадбирда ушбу яширин колл-центр фош этилди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари Миробод туманидаги ушбу ҳовли учун ҳар ойда 60 миллион сўм ижара тўловини амалга ошириб келишган. Сиртдан оддий турар жой бўлиб кўринган бу хонадонда компьютер техникаси ва жиҳозлари ўрнатилган. Улар шу ерда ўтириб фуқароларга қўнғироқ қилган ва сохта ваъдалар бериб, одамларнинг банк карталаридаги пулларини ноқонуний ўзлаштирган.
Соҳа ходимлари кейинги пайтларда бу каби ноқонуний алоқа марказлари томонидан содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари кўпайганини таъкидламоқда. Шу боис пойтахт ҳудудида бундай ноқонуний уюшмаларга қарши кураш кучайтирилмоқда. Мазкур ҳолат фуқароларнинг огоҳ бўлиши ва нотаниш шахсларга банк маълумотларини бермаслиги зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.