Газсиз уйларга электр арзонлашади
Марказлашган газ тармоғига уланмаган хонадонлар учун электр энергияси тўлови 25 ноябрдан эътиборан қайта ҳисобланади. Энергетика вазирлиги ушбу янгилик бўйича расмий тушунтириш берди. Ижтимоий тармоқларда табиий газ берилмайдиган ҳудудлар аҳолисидан кўплаб эътирозлар келиб тушган эди.
Фуқаролар ноябрь ойи учун тўловлар стандарт базавий нормада ҳисобланаётганидан шикоят қилишди. Масъуллар «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан тасдиқланган рўйхат махсус тизимга киритилишини ва ҳисоб-китоб 25 ноябргача якунланишини маълум қилди. Янги қоидага кўра, газлаштирилмаган ҳудудлар учун базавий норма 350 киловатт-соат қилиб белгиланди.
Масалан, ноябрь ойида 300 киловатт-соат электр ишлатган оила илгари 220 минг сўм тўлаган бўлса, энди 195 минг сўм тўлайди ва 25 минг сўм тежайди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу оширилган базавий нормани қўллаш учун фуқаролардан ҳеч қандай ариза ёки маълумотнома талаб этилмайди. Барча жараёнлар ва қайта ҳисоб-китоблар автоматик тарзда амалга оширилади.
Янги тартиб ноябрь ойининг бошидан бошлаб ишлатилган электр энергияси миқдорига татбиқ этилади. Аҳоли тежаб қолган маблағларини келгуси тўловларда кўришлари мумкин бўлади.