Биржага бензин етказиш 2 баравар ошади
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти мамлакат биржасига бензин етказиб бериш ҳажмини кескин оширишини эълон қилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати томонидан расмий баёнот берилди. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда қишда метан шохобчалари фаолияти чекланиши ҳақида миш-мишлар тарқалди.
Шу сабабли айрим хусусий ёнилғи шохобчалари бензинни олдиндан кўпроқ харид қилиб, захира тўплашга ўтди. Бу ҳолат биржа савдоларида талаб ва нархларнинг сунъий равишда ошишига олиб келди. Масалан, 19 ноябрь куни АИ-92 маркали бензин нархи биржада рекорд даражага етди.
Вазиятни барқарорлаштириш учун «Ўзбекнефтгаз» биржага кунлик бензин чиқаришни 8 минг тоннагача, зарур бўлса 10 минг тоннагача етказишга тайёрлигини билдирди. Ҳозирда кунига 4,6 минг тонна ёнилғи сотувга қўйилмоқда. Компания Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида йилига 1,1 миллион тонна бензин ишлаб чиқаришни режалаштирган.
Бундан ташқари, қиш мавсуми учун 102 минг тонна тайёр бензин захираси яратилган бўлиб, бу икки ойлик истеъмолни тўлиқ қоплайди. Энергетика соҳаси мутасаддилари ёнилғи тақчиллигига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидламоқда. Шунингдек, мавсумий талабни қондириш мақсадида тайёр бензин импорти ҳам кенгайтирилмоқда.